Футбол оламидаги қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Парагвай чемпионатида баҳс олиб борувчи “Спортиво Амелиано” ва “Генерал Cабаллеро” жамоалари ўртасида 1993 йилда ўтказилган баҳсда ҳакамлар жами 20 та қизил карточкани чўнтакларидан чиқаришга мажбур бўлишган.
***
1968 йилнинг 12 июнида “Ривер Плейт”-“Бока Хуниорс” баҳсида юзага келган тиқилинч ва ёнғин оқибатида 71 киши оламдан ўтган.
***
Дамино ва Кристиан Зенони – Италия терма жамоасида бирга ўйнаган ягона эгизаклар саналишади. Улар 2001 йилнинг 28 февралида Аргентинага қарши кечган баҳсда ёнма-ён тўп суришган. Ўшанда улар “Аталанта” шарафини ҳимоя қилишарди.
***
Швециялик Свен-Йоран Эриксон Англия терма жамоаси тарихидаги илк чет эллик мутахассис саналади. Футбол ривожи йўлидаги кўрсатган хизматлари учун унга ватанида Торсбу шаҳрида ҳайкал ўрнатишган.
***
Хорватияда футбол 1873 йилда Риэк шаҳрида фабрика қураётган англиялик ишчилар томонидан олиб келинган.
***
Роберто Баджо 1988 йилда буддизм динининг “Сека Гаккай” сектасига кирди ва католик черковга ибодат қилувчи бутун Италияни карахт ахволга солиб қўйди.
***
1871 йили футбол учрашувларининг вақти бир ярим соат қилиб белгиланди. Шунингдек дарвозабонлар нафақат ўз майдончалари ичида, балки бутун жарима майдонида тўпни қўли билан ушлашга рухсат берилди.
***
1883 йили учрашув вақти 2 таймга бўлинди. Қолаверса биринчи 45 дақиқадан кейин танаффус эълон қилинадиган бўлди.
***
2004/2005 йилги мавсум олдидан “Интер” ҳужумчиси Кристиан Вьери қимматбаҳо машинасидан айрилди. Гап шундаки, у Миландаги кафелардан бирида тамадди қилиш учун тўхтаган эди. Шу пайт унинг олдига ўзини кафе хизматчиси деб таништирган номаълум шахс етиб келди ва машинани пулли тўхташ шахобчасига олиб бориб қўйиш учун калитни сўради. Унга ишонган Вьери машинани топширди ва ичкарига йўл олди. Тушликдан сўнг ортга қайтгач эса автосидан айрилганини англаб етди. Шу заҳотиёқ яқин орадаги полиция маҳкамасига етиб борган Италия терма жамоаси ҳужумчиси барчани ҳайратга солди. Ахир полицияга бундай машҳур инсонлар ҳар доим ҳам қадам ранжида қилаверишмайди-да.
***
Ҳалқимизнинг севимли актёри Ёдгор Саъдиев бир вақтлари “Пахтакор” дарвозабони бўлган.
***
Европа Чемпионлар Кубоги баҳсларига “Экип” спорт газетаси (Франция) ва журналист Габриэл Ано ташаббуси билан 1955 йилда асос солинди. Орадан 11 йил ўтгач, аниқроғи 1966 йилда кубок доимий сақлаш учун “Реал” (Мадрид) жамоасига берилган эди. Чунончи мадридликлар қаторасига 5 марта ушбу кубок соҳибига айланишганди.
***
Африка кубогини Эфиопия императори таъсис этган.
***
2004 йилги Ўзбекистон чемпионати “Насаф” ҳужумчиси Зафар Холмуродов сўнги 5 та учрашувда 15 та тўп киритди. Жумладан 2 та “покер” ва 2 та “хет-трик”ка эришди.
***
“Ювентус” сардори Алессандро Дел Пьеро “Кекса синьора”нинг тўрт стадионида тўп сурган ягона футболчи бўлди. Дел Пьеро “Стадио Коммунале”, “Делле Алпи”, “Олимпико” ва “Ювентус Арена” яшил майдонига тушган.

Фурқат Юсупов
Фурқат Юсупов блогини телеграмдаги каналда кузатиб боринг >>>

Furqat Yusupov

Furqat Yusupov blogi
Fikr bildirish uchun ro'yhatdan o'tish yoki profildan kirish kerak