Европанинг «кучли бешлик» чемпионатларида жорий мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган битта жамоа қолди. «Барселона» 29-турдан сўнг «Атлетико»ни 11, «Реал»ни эса 15 очкога ортда қолдирган ҳолда, Ла лигада ишончли тарзда пешқадамлик қилмоқда.

Каталонияликлар катта эҳтимол билан Испаниянинг энг кучли клуби мақомини қайтариб олишади, аммо ишқибозларни қийнаётган бошқа бир савол бор - жамоа қолган ўйинларда ҳам ютқазмасликни уддалай олармикан?

Келинг, «кўк-анорранглилар»нинг ўзига хос кўрсаткичи баҳона топ-лигаларда мағлубиятсиз мавсум ўтказган клублар ҳақида сўз юритамиз.

«ПРЕСТОН НОРТ ЭНД», 1988|1989

Англия футболи тарихидаги дастлабки чемпионат ғолиби эришган натижа кўпчиликнинг наздида абадий янгиланмайдигандек туюлганди. Бунга албатта, туманли ўлкадаги лигада кузатиладиган рақобатбардошликнинг юқори экани ҳам сабаб бўлган.

Биринчидан, маҳаллий мутасаддилар биринчилардан бўлиб таркибга Британиянинг бошқа ҳудудидан ҳам футболчилар таклиф қилишди. «Престон» раҳбари Уильям Саделл томонидан жалб этилган бутун бошли шотланд «десант»и бир хилликка кўниккан жамоага юқори техникани ҳам қўшди.

Иккинчидан, Саделл қўл остидаги ўйинчиларга яхши маош тўлашга тайёр эди - бунақаси IX-аср учун ажабланарли ҳол, албатта. Рақобатчилар вазиятдан хабар топишгач эса, ҳақиқий можаро юзага келди ва бу «Престон»нинг тарқатиб юборилишига олиб келиши мумкин эди.

Бироқ соғлом фикр устун келди - шу тариқа футболнинг келажагига замин ҳозирланиб, у профессионал спорт турига айланди. Охир-оқибат «Престон» Англиядаги илк чемпионатни фаворит сифатида якунлади.

12та жамоа қатнашган ва атиги 22та ўйин ўтказилган лигада ҳар бир ғалаба учун 2 очкодан берилганди. Шунга қарамай, «Престон» иккинчи ўриндаги «Астон Вилла»ни 11 очкога ортда қолдиришдан ташқари, ўша мавсумнинг ўзида кубок соҳибига айланиб, дастлабки «дубл»ни қайд этди.

«АТЛЕТИК», 1929|1930

Албатта, Испания чемпионатининг ҳисоб бўйича иккинчи мавсуми ҳозиргисидан сезиларли равишда фарқланган. Айтайлик, Мадриднинг «Реал» клуби якунда бор-йўғи 5-ўринни эгаллаган бўлса, унинг қўшниси «Атлетико» жадвалнинг сўнгги поғонасида қолиб, Сегундага тушиб кетганди.

10та иштирокчи орасида ҳозирда кўпчилик танимайдиган «Европа» ва «Аренас» (бронза медали соҳиби) клублари ҳам бор эди. Аммо етакчилик номи Испания элитасидаги барча мавсумларда қатнашган учта клубга насиб қилди. «Барселона» иккинчи ўринни олган бўлса, 18та турда 12та ғалабага эришган «Атлетик» чемпионликни расмийлаштирди.

Энг яқин таъқибчиларини 7 очкога ортда қолдиргана басклар ҳужум (63та гол) ва ҳимояда (-28та гол) қолганлардан яхши кўрсаткич қайд этишди. Ўша мавсум жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланган 20 ёшли Горостиса ўз ҳисобига 20та гол ёздириб қўйганди.

Қизиғи, мавсум арафасида бу футболчи «Атлетик», «Реал» ҳамда «Аренас»дан тушган таклифларнинг бирини танлаши керак эди. Якунда эса бильбаолик оғайниси Рамун Лафуэнтенинг маслаҳатига қулоқ солди.

«РЕАЛ», 1931|1932

1931 йили «Атлетик» қўшимча кўрсаткичлар бўйича «Расинг» ва «Реал Сосьедад»ни ортда қолдириб, чемпионлик мақомини сақлаб қолди. Горостиса сермаҳсулликни давом эттирди ва навбатдаги мавсум арафасида баскларда қаторасига учинчи марта тенгсиз клубга айланиш имконияти каттадек туюлганди.

Аммо бир йил аввал атиги 6-ўринни эгаллаган Мадриднинг «Реал» клуби бу борада ўз режалари эга эди. Ўша кезлари асосий ролни Касильяс даврига қадар мамлакатнинг энг яхши дарвозабони саналган Рикардо Замора бажарди. Бугунги кунда Примеранинг энг яхши киперига аталган совринга айнан 18та ўйинда бор-йўғи 15та гол ўтказиб юборган ўша дарвозабоннинг номи берилган.

Ҳозирги пайтда ажойиб саналадиган кўрсаткич у даврларда фантастик даражада бўлганига шубҳа йўқ. Якунда «Барселона» 4, «Атлетик» эса 3 очкога ортда қолдирилди. «Реал»нинг уйдаги 9та учрашувида рақиблар Замора дарвозасини 4 марта ишғол қилишди, холос!

1934 йилда иштирокчи жамоалар сони 10тадан 12тагача оширилди. Бугунги кунда лигада 20та клуб қатнашаётганини инобатга олсак, «Барселона»га «Атлетик» ва «Реал»нинг натижасини такрорлаш янада қийинлашиши турган гап.

«ПЕРУДЖА», 1978|1979

Бугунги рўйхатимизда алоҳида ўрин тутувчи жамоа. Гап шундаки, «Перуджа» чемпионатдаги 30та ўйинни мағлубиятсиз ўтказиб, финишда 2-ўринни эгаллади. Сабаби - 11та ғалаба ва 19та дуранг қайд этилди ва бунинг натижасида «Милан» 3 очкога ўзиб кетиб, чемпионликни расмийлаштирди.

Гарчи «россонери» 3 марта ютқазган бўлсада, қаторасига 17та баҳсда ғалаба нашидасини сурганди. У пайтлардаги «Перуджа» ҳимоядаги тартибли ўйини билан ном қозонганди - мазкур клуб киперлари ўша мавсум ўз дарвозаларидан атиги 16та тўп олиб чиқишганди.

Ёш мураббий Иларио Кастаньер 1-3-2-3-1 тактик схемасини танлаши оқибатида рақиблардан бир нечта қаватли мудофаани ёриб ўтиш талаб этиларди. Муаммоли чизиқ сифатида ҳужумни кўрсатиш мумкин: 34та гол - ўша чемпионатдаги 6-кўрсаткич, клубнинг энг яхши тўпурари номи эса 9та тўп киритган Вальтер Спеджиоринга насиб қилганди.

«Перуджа» навбатдаги мавсум катта парвозга шайланаётган Паоло Россини сафга қўшиб олди, аммо кейинчалик жамоа чемпионлик курашига қўшилишни уддалай олмади.

«МИЛАН», 1991|1992

Қаторасига уч марта қабул қилинган «тарсаки»дан сўнг (дастлаб «Интер», сўнгра «Наполи» ва «Сампдория»дан) Сильвио Берлускони скудеттони «Милан»га қайтариш учун бор кучини сафарбар қилишга ваъда берди.

80-йиллар охирида кетма-кет икки марта Чемпионлар Кубогини қўлга киритган жамоа янгиланишга эҳтиёж сезарди - Италиянинг энг қудратли кишиси эса ечимни трансфер бозоридан эмас, майдон четидан топди. «Россонери»га устозлик қилган Арриго Саккининг ўрнини Фабио Капелло эгаллади.

«Милан» ва «Рома»нинг собиқ футболчиси таркибдагиларнинг бир-бирини яхши тушунишига катта эътибор қаратиб, ҳимояни мустаҳкамлади, олдинда ван Бастеннинг нимадир ўйлаб топишига умид қилди.

Марко ишончни оқлаб, чемпионатда 25та гол урди, Мальдини - Барези - Костакурта - Тассоттидан иборат квартет эса дарвозабон Россининг бирин-кетин «қуруқ» ўйин қайд этишида кўмаклашди. Мавсум бошидаги ўйинлар ўзига хос синов вазифасини ўтади: 3-5-турлар оралиғида Капелло шогирдлари сўнгги дақиқаларда гол уриб, вазиятни ўнглашди.

Бу ўринда рақиблар аутсайдер эмасди: «Ювентус» (Карреранинг автоголи, 90), «Фиорентина» (ван Бастен, 86) ва «Женоа» (ван Бастен, 85). Бундай старт жамоага ишонч бағишлади ва кейинчалик ҳаммаси енгилроқ кечди.

«АРСЕНАЛ», 2003|2004

«Канонирлар» нафақат «Престон»нинг натижасини такрорлашди, балки рекордни ажойиб тарзда янгилашди. Зеро, бу пайтга келиб турнирда 22та эмас, балки 38та ўйин ўтказиларди. Аслида Венгер шогирдлари қаторасига учта чемпионликни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишлари мумкин эди.

Аммо 2001|2002 йиллар мавсумининг якуний қисмида «МЮ» ва «Ливерпул»ни ортда қолдиришни уддалаган «Арсенал» кейинги мавсум охирида бироз сустлашди. Сэр Алекс бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед» эса рақибдаги хотиржамликни кечирмай, АПЛда навбатдаги ғолибликни нишонлади.

«Тўпчилар» янги чемпионатга алоҳида эътибор қаратишди, аммо рақобатчиларнинг бу қадар катта устунлик билан ортда қолдирилишини ҳеч ким кутмаганди. Анри, Пирес, Юнгберг, Бергкамп, қишда «Севилья»дан таклиф этилган Рейес олдинги чизиқда ижодкорлик билан шуғулланган бўлсалар, Виейра ҳамда Жилберто Силва марказни мустаҳкамлашди.

Дарвозабон Леманн эса зарур паллада халоскорликни қойиллатди. Мағлубиятга яқин келган ўйин ҳақида гапирсак, 12та дуранг қайд этилган учрашувлар эмас, балки «Тоттенхэм» билан баҳсни эсга олиш мақсадга мувофиқ. Дербида азалий рақиб 68-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олганди, аммо Пирес ва Юнгберг 10 дақиқа ичида биттадан гол уриб, «Арсенал»га ғалаба келтиришган.

«ЮВЕНТУС», 2011|2012

Кучли рақобатнинг мўъжиза яратиши мумкинлигига яна бир намуна. «Ювентус» «кальчополи можароси» ва «В» сериядаги мажбурий сургунлик давридан сўнг бош соврин йўлида узоқ тер тўкди. Туринликлар бу пайтда 10-поғонадан пастда юришга ҳам кўниккандек эдилар, бироқ якунда жамоа ниятига етди.

Мазкур ҳолатда «Милан»га кераксиз бўлиб қолган Андреа Пирлонинг мавсумлар оралиғида «Юве» таркибини тўлдириши юксак аҳамият касб этди. Галлиани ва Берлусконининг наздида фойдасиздек туюлган 32 ёшли ярим ҳимоячи майдондаги барча жараённи назорат қилиш орқали фаолиятидаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказди.

«Кекса синьора»нинг янги бош мураббийи Антонио Конте ўйин ва ички муҳитни айнан маэстрога мослаштирди. Тўғри, бошқа янги ўйинчиларнинг ҳам кўмаги асқотди. Биринчи навбатда, Видаль ва Лихтштайнер ёрқин таассурот қолдиришди. Лекин айнан Пирло ҳамма нарсани ижобийликка бурган шахсга айланганди.

Аввалги мавсумдаги омадсизликдан (атиги 7-ўрин) сўнг еврокубоклардан четда қолиши жамоа фойдасига ишлади. «Ҳафтада битта ўйин» графиги бўйича майдонга тушган «Юве» сўнгги масофани ҳам равон босиб ўтди.

Мағлубиятсиз серия икки марта тўхтатиб қолиниши мумкин эди: дастлаб 11-турда «Наполи» 72-дақиқада 3:1 ҳисобида олдинда бораётганди, 25-турда эса «Милан» 83-дақиқада ғалаба қозониб турганди. Ҳар икки ҳолатда ҳам баҳс дуранг билан тугади. «Россонери»га қарши ўйиндаги натижанинг аҳамиятли жиҳати шунда эдики, якуний ҳисоб чемпионлик йўлига тўсиқ бўлган, Пирлонинг собиқ жамоаси пешқадамдан 4 очко ортда қолиб кетганди.

Манба: www.interfutbol.uz

Fikr bildirish uchun ro'yhatdan o'tish yoki profildan kirish kerak
#1 7014800
2018-04-01 16:02:01
Barselona albata utadi